2018 yilda vaqtdan samarali foydalanish sirlari

Вақт

Инсонга берилган энг катта бойликнинг вақт эканлигини хамма яхши билади. Лекин айнан мана шу қимматбаҳо бойлигимизни энг кўп исроф бўлишини биласизми? Ҳар куни дам олишимиз, кундалик ҳаётимиз ва ишларимизни бажаришимиз учун фақатгина 24 соат берилади. Ундан қай даражарада унумли фойдаланяпмиз? Эслатиб ўтай, ҳар бир беҳуда сарфланган бир дақиқа учун жамият иқтисодий зарар кўради. Ҳар бир йўқотилган сониялар тараққиётдан ортда қолиш, кашфиётларнинг ортга сурилиши, ривожланишдаги лоқайдлик демакдир. Агар биз индивидуал, оила, ташкилот ва идоралар миқёсида бир ёқадан бош чиқариб, энг катта ресурсимиз бўлмиш вақтдан унумли фойдаланишни йўлга қўя олсак, жамиятнинг барча жабхаларида илғор силжишни кузатишимиз мумкин бўлади.

Вақтдан унумли фойдаланиш

Вақтдан унумли фойдаланиш – инсоннинг режалаштирган ишларини унга фойда бўладиган тарзда, вақтини бехуда сарфламай, сифатли бажаришидир. Ҳар бир қилинадиган ишнинг бажарилиш муддати бўлади. Бу муддат мақсаднинг узоқ муддатли ёки қисқа муддатли экани билан фарқ қилиши мумкин. Масалан, кийиниш учун бир неча дақиқа, ухлаш учун бир неча соат, китоб ёзиш учун бир неча ой, спорт устаси бўлиш учун эса бир неча йил керак бўлади. Вақтдан унумли фойдаланиш учун бизга аниқ мақсад, пухта режа ва чалғимасдан бир ишни охиригача етказа оладиган сабр-тоқат керак бўлади. Лекин кўпчилигимизда томир отиб кетган шундай ярамас одатлар борки, улар туфайли вақтимизни қаерга кетаётганлигини билмай ҳам қоламиз. Бу мақола орқали сиз вақтдан унумли фойдаланишга тўсиқ бўлувчи уч ёмон одатни, шунингдек бу ва бошқа вақтни исроф қилувчи одатларни қандай бартараф этиш бўйича синалган маслаҳатларни ўрганасиз.

  1. Эртага синдроми

“Эртага қиламан”, “Кейинроқ бажараман” деган сўзлар барчамизга яхши таниш. Инсонлар орасида кенг тарқалган бу сўзни деярли ҳар куни эшитишингиз мумкин. Одамлар бир нарсани бажаришга қарор қилганлари ҳақида, лекин бу нарсани кейинроқ, эртага ёки кейинги ҳафтада  бажаришларини бот-бот таъкидлайдилар. Афсуслар бўлсинки, ўша вақт келганда нимагадир хамма қилган қарорларини эсдан чиқариб юборади. Бир сўз билан айтганда режалаштирилган иш яна “эртага” қолиб кетади. Масалан, эртага сиз мутлоқ бошқа инсонсиз, фақат ҳозир эмас! Кейинроқ сиз сигарет чекмайсиз, ароқ ичмайсиз, соғлом турмуш тарзи тарафдори бўласиз, спорт билан мунтазам шуғулланасиз, барча чала қолдирилган ишларни дўндириб ташлайсиз. Ҳозирча бир марта зарарли овқат есангиз, бир марта чексангиз, бир марта ароқ ичсангиз ёки бир марта спорт залига бормасангиз осмон узилиб, ерга тушармиди?! Келажакда сиз турмуш ўртоғингизга эътиборлироқ бўласиз, тонг сахарлаб уйғонасиз. Ибодатларни вақтида ва мукаммал адо қиласиз, гуноҳлардан тийиласиз ва энг асосийси сиз кўтариб юришга қийналаётган қоринбойингиздан қутуласиз! Таниш манзарами?! Фақат сизга эмас, хаммага шундай туюлади. Келажакда хамма ўзи орзу қилган инсон бўлишига ишонади. Чунки келажак мавхумда! Хамма кашандалар биладиган машҳур “Чекишни эртага ташлайман” хазилини ёки алкашларнинг “Мен ичишни ташладим, оғайни!” деган машҳур қарорига оғайнисининг “Яша, мана шу учун ичамиз, қуй!” кабилидаги хазилларини ҳам бунга яққол мисол қилиш мумкин. Келажакда ҳозир пайсалга солаётган ишларингизни мукаммал бажараман деб ўйлайсизми? Яхши ният – ярим молку-я, аммо ўша сиз айтган “эртага” келмайди-ку! Бир сўз билан айтганда эртага қиламан дейиш – қуруқ баҳона! Сизга берилган ҳаётда сиз ҳар куни фақат бугуннинг ичида яшайсиз!

Қарор қилишдаги мойиллик

Дьюк Универститетининг Психология профессори, бир неча компания асосчиси ва китоблар муаллифи Ден Эирлй ўтказган тадқиқот натижасида инсон қарор қилишда хозирги вақтга эътибор беришга мойиллигини аниқлади. Унга кўра инсон айнан хозирги  вақтдаги фойда ёки зарарга кўра қарор қилишга мойил бўлади. Яъни, инсон хозирги  вақт учун азобсиз бўлган қарорларни қабул қилади. Масалан, инсон шифокорнинг игна санчишидан қўрқиб, ундан қочади. Лекин, игна санчмаса унинг қисқа вақтда ўлиши айтилса, у ўлмаслик учун ҳар қандай азобга тайёр бўлади. Инсон ширингина уйқуни фойда деб, туришни истамайди. Шунинг учун инсон стресс пайтида ухлаб олишга мойил бўлади. Ден Эирлй тадқиқотларининг эмпирик натижасига кўра кейинга сурдириш ёки пайсалга солиш инсон хулқ-атворидаги муаммо ҳисобланади. Баъзи одамлар бу маммони ўзларича ҳал қилмоқчи бўладилар. Шунга кўра ўзларига бир ишни бажариш учун мантиқан тўғри бўлган муддат белгилашади. Лекин, тадқиқот натижаларига кўра инсонларнинг ўзлари тарафидан ихтиёрий белгиланган муддатлари ташқи омилларчалик самарали эмас экан. Яъни, инсон бирор ишни қилмаса, зарар кўриши аниқ бўлган ҳолатда, бу ишни албатта бажарар экан. Масалан, самолёт ёки поездга камдан-кам инсон кечга қолади. Сабаби, кечга қолиш бир қатор зарарларни келтириб чиқаради: билетнинг пулига куйиш – иқтисодий зарар, кейинги рейсни кутиш – вақтни бой бериш зарари, ишларни орқага сурилиши – стресс! Буларни ҳеч ким хоҳламайди ва шунинг учун ҳам кўпчилик кам ухлаганлиги, чарчаганлигига қарамай вақтида аэропортда ёки вокзалда бўлади.

Кейинга сурдиришнинг универсал қонуни

 “Physics Today” журналининг 2016 йил феврал сонида қизиқ бир мақола бор. Унда Саарланд Универститети профессорлари Корнелиус Кониг ва Мартин Клейнманлар инсон феъл-атворидаги мавжуд бўлган “кейинга сурдириш” одатинининг физик қонуниятларга ўхшаш универсал гиперболик қонуни бўлиши мумкинлигини ўртага ташлашган. Бунда бажарилиши лозим бўлган ишга қўйилган муддат туфайли инсонда ишни бажаришга нисбатан босим юзага келиши, муддат яқинлашгани сари босим ортиб бориши, босим ортгани сари зарурат юзасидан керакли ишни бажарилиши юқорилашиши таъкидланган.

Бу талабаларнинг курс ишини топширишларида яққол намоён бўлади. Дейлик, курс иши учун 100 кун муддат берилган. Буни 1/R кўринишида ифодалашимиз мумкин.  Яъни агар курс иши учун 100 кун қолган бўлса, ишни бажаришга бўлган босим 0,01 га тенг. Худди шунингдек, 100-куни босим 100% ёки 1 га тенг бўлади. Ҳаммага яхши маълумки, талабаларнинг кўпчилиги курс ишларини энг охирги кунда топширадилар. Мазкур универсал қонун юқорида Ден Эирлй келтирган қонунга уйғун бўлиб, ишни топшириш муддати қанчалик узун бўлса, уни пайсалга солиш ҳам шунчалик узоқ суради.

  1. Чалғиш синдроми

Чалғиш деб диққат-эътиборнинг бир нарсадан бошқа нарсага ихтиёрий ёки ғайриихтиёрий йўналишига айтилади. Инсон муваффаққияти йўлидаги энг катта хатарлардан бири бу шубхасиз чалғиш бўлади. Чалғиш инсон вақтини энг катта ўғриларидан бири. Қисқа вақт ичида кўп нарсага улгурмаётганимизни ягона сабаби – мақсадларимиздан, режаларимиздан чалғишимиз десак нотўғри бўлмайди. Одамлар аслида қисқа вақтни ичида кўп нарсага улгура оладилар, лекин нега унақада кўпчилик вақтнинг етишмаслигидан нолийди? Чунки ривожланиш ақлга сиғмас тезлик билан юз бераётган даврда диққат-эътиборни бир жойга жамлаш қийинлашиб қолди. Чалғиш мумкин бўлган нарсалар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Телевизор, радио, компютер, интернет, смартфонларга муккасидан кетган бечора инсоният! Ахборотнинг ортиқча даражадаги тезлик билан ортиб бориши ҳам чалғишга сабаб бўлмоқда. Деярли барча кашфиётлар вақтимизни тежаш учун, ҳаётимизни янада осонлаштириш учун кашф қилинаётган бўлсада, инсонлар тобора вақт етишмаслиги, турмушнинг қийинлашишидан арз қилмоқдалар. Бугунги куннинг оддий инсони ишларнинг кўплиги, вақтнинг етишмаслиги туфайли ўзини “чалғиш лаззатлари”га урмоқда. Кимдир смартфонга муккасидан кетган, яна кимдир футболга, бошқа бировни эса интернет қизиқтиради. Илм-фан эса бир марталик чалғиш орқали йўқотилган диққат-эътиборни қайта тиклаш учун 21 дақиқагача вақт талаб қилиши мумкинлигини тасдиқлайди. Ҳозирда асл мақсад сари чалғимасдан юриб борадиган, сабрли ва мақсад йўлида ҳар қандай тўсиқларга бардош бера оладиган инсонлар осонгина муваффаққият қозониб кетишмоқда. Бундай инсонларнинг сони кам. Сиз ҳам улар қаторига киришингиз мумкин. Энг асосийси асл мақсадингиздан чалғиманг! Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари айтганларидек: “Секин бўлсада бир ишни охирига етказишни ўрганиш керак.”

  1. Дарҳол лаззатланиш синдроми

“Ҳаваслар қиролларни қул, сабр эса қулларни қирол қила олади.” – Имом Ғаззолий.

Дарҳол  лаззатланиш деб, инсоннинг истаётган нарсасидан дарҳол, шошилиб лаззат олишга мойиллигига айтилади. Дарҳол  лаззатланишга мойил инсонлар хозирги вақт билан яшашади. Улар хирсларини бошқаришда нўноқ, баъзи бир майда ёмон одатларга муккасидан кетган бўлишлари ҳам мумкин. Улар овқатланаётган вақтларида ўзлари ёқтирган нарсани охири ейишдан кўра аввал паққос тушириб қўя қолишади. Дарҳол  лаззатланиш туфайли инсон ўзини бошқаришда қийналиб, керакли ишлардан чалғийди, натижада вақт йўқотади.

Маршмалло тажрибаси

Стенфорд Универститети профессори Уолтер Мишел 1960 йилда бир қанча психологик тажрибаларни олиб борган. Унинг энг машҳур тажрибаси “маршмалло тажрибаси” номи билан танилган. Бу тажриба инсоннинг лаззатланишни қай даражада кечиктира олиши устида бўлиб, асосан 4-5 ёшли болалар ўртасида ўтказилган. Тажриба жуда оддий, иштирокчи бир хонага олиб кирилади. Хонадаги столда бир дона маршмалло (Америкаликларнинг энг севимли зефир ширинлиги) қўйилган.

Тажриба ўтказувчи шахс болага “Маршмаллони ҳозир ейишинг мумкин, лекин агар мен қайтгунимча сабр қилсанг, сенга иккинчи маршмаллони ҳам бераман”, деб 15 дақиқага хонани тарк этади. Баъзи болалар маршмаллони дарҳол еб юборса, бошқалари сабр қиладилар ва иккинчи маршмаллога эга бўладилар. 1960 йилда ўтказилган бу тажриба ўша пайтлари унчалик машҳур эмасди. 40 йилдан сўнг олимлар бу тажриба иштирокчиларини ҳаётда қанчалик муваффаққиятга эришганларини кўздан кечиришган. Натижалар сабр қилиб иккинчи маршмаллога эга бўлган болалар сабр қила олмаган болаларга кўра ҳаётнинг барча жабҳаларида анчагина муваффаққият қозонганини кўрсатди. Бундан келиб чиқадики, дарҳол  лаззатланишга мойиллик нафақат вақтни ўғирлайди, балки келажакда муваффаққиятга эришишда ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Вақтдан унумли фойдаланиш учун 6 маслаҳат

Юқорида сиз вақтнинг беҳудага сарфлашнинг асосий уч сабаби билан танишдингиз. Энди вақтдан унумли фойдаланишга маслаҳатларни тартибли равишда келтириб ўтсак.

  1. Режалаштиришда Паркинсон қонунини ўз фойдангизга ишлатинг.

Чалғиш синдроми билан курашиш учун Паркинсон қонунини билиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Бирор ишни тезроқ ва сифатлироқ бажариш учун диққат-эътиборни бир жойга жамлаш ва иложи борича чалғимаслик керак бўлади. Кўпчиликда эса айнан бунинг тескариси. Британия тарихчиси Кирилл Паркинсон 1955 йилда “The Economist” журналига берган ҳазиломуз мақоласини шундай бошлаган: “Иш уни бажаришга берилган вақтни тўла қамраб олади”. Оддий кўринган бу сўзлар кейинчалик шуҳрат қозонган Паркисон қонунига айланиб кетди. Унга кўра, сиз ишни бир кунда бажаришингиз лозим бўлса бир кун, бир ойда бажаришингиз керак бўлса бир ой сарфлар экансиз. Албатта бу керакли ишдан чалғимасликни назарда тутиб айтилган қоида бўлиб, иш унумдорлигини ошириш учун ўйлаб топилган. Бу қонун мантиққа асосланган ишлар учун уйғун. Ахир, бир кунда ракета иншо қилиб бўлмайдику!

Кирилл Паркинсоннинг чалғишга тегишли яна бир ажойиб қонуни бор. Паркинсоннинг Аҳамиятсизлик Қонуни деб аталган бу қонун инсонларнинг муҳим ишлар турганда, лойиҳани бажариш учун ажратилган вақтни аҳамиятсиз ишларга сарфлашларига мойил эканликларини тушунтириб берган. Яъни, вақтнинг кўплиги туфайли инсон пайсалга сола бошлайди. Бу инсоннинг то ўша ишни бажариш муддати яқинлашгунича давом этади, муддат яқинлашгач эса босим остида қолган шахс ишни тугатишга ҳаракат қилиб қолади. Унгача инсон асл мақсад учун аҳамияти йўқ бўлган нарсаларга чалғийверади.

Юқоридаги графикда кўринганидек, ишга қанча кўп вақт берилса, вақтни шунча беҳуда сарфлаш, яъни чалғиш юзага келади. Худди шунингдек, ишга қанча оз вақт берилса, бу сизни вақтдан иложи борича унумли фойдаланишга мажбур этади. Вақтингиздан унумли фойдаланиш учун Паркинсон қонунини ўз фойдангизга ишлатинг. Бажармоқчи бўлган ишингиз учун ортиқча бўлган муддатларни айриб ташланг ва қисқароқ муддат белгиланг! Бу орқали аҳамиятсиз ишларга чалғишни тўхтатинг.

  1. Режалаштиришнинг Уоррен Баффет услубидан фойдаланинг

Бир кун давомида 24 соатимиз бор. Лекин, кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики кундалик такрорланадиган юмушларга сарфланган вақтни олиб ташласак ҳаётимизда бирор нимага эришиш учун 8-10 соат вақт қолар экан. Кўпчилик бу қисқа вақтни аҳамиятли-аҳамиятсиз бўлган катта-кичик ишларга сарфлайди. Бир сўз билан айтганда уларда қайси ишни қилиш ёки қилмаслик борасида стратегия етишмайди. ХХ асрнинг энг муваффаққиятли сармоядори, 2018 йил ҳолатига 84,3 миллиард АҚШ долларига эга бўлган Уоррен Баффет ишларни режалаштиришдаги ўзига хос услуби билан ҳам машҳур. Унинг услуби оддий, сиз қоғоз-қалам оласиз ва бугун сиз учун энг муҳим бўлган 10 та ишни ёзиб чиқасиз. Сўнгра бошқа қоғозга улардан энг муҳим 3 тасини ёзасиз, аввалги қоғозни йиртиб юборасиз. Кунингизни чалғимасдан фақатгина мана шу 3 та ишни бажаришга сарфлайсиз.

Баъзи ҳолатларда Баффет услубида 3 та ишни ёзгандан кейин, яна янги қоғоз олиб, фақатгина 1 та энг муҳим бўлган иш ёзилади ва эски қоғоз йиртиб юборилади. Кун давомида фақатгина мана шу иш пухта ва мукаммал бажарилади. Баффет услуби жудаям самарали эканлигини ундан амалда фойдаланиб кўрганингиздан кейин биласиз! Шундай экан, режалаштиришда Баффет услубидан фойдаланинг ва ўз стратегиянгизга эга бўлинг!

  1. Ишларни тартибга солишда Эйзенхауэр қутисидан фойдаланинг

Дуайт Дэвид Эйзенхауэр Америка Қўшма Штатларининг 1953-1961 йиллардаги Президенти бўлган. У вақтидан унумли фойдаланиши билан машҳур бўлган арбоблардан ҳисобланади. Айнан у интернетнинг бобоси ҳисобланган DARPA, барчага маълум ва машҳур NASA каби йирик лойихаларнинг ташаббускори ҳисобланади. Эйзенхауэр Иккинчи жаҳон урушидаги Европа Ҳамкорлик Кучларига Олий Бош Қўмондон, бундан ташқари Колумбия Универститети президенти ва ҳатто НАТО нинг Олий Бош Қўмондони ҳам бўлган. Бундан ташқари, у голф ва бошқа спорт турларига вақт ҳам топган. У буларнинг барчасига вақтидан унумли фойдаланиши билан эришган. Унинг ишларни режалаштиришда жуда содда ва машҳур услуби бўлиб, у бизга “Эйзенхауэр қутиси” номи билан таниш. Матрица услубидаги бундай режалаштириш сизга ишларингизни тартибга солишда катта ёрдам беради.

ЭЙЗЕНХАУЭР ҚУТИСИ
  ШОШИЛИНЧ ШОШИЛИНЧ ЭМАС
МУҲИМ

Хозироқ бажар!

 

 Шошилинч ва муҳим бўлган ишлар. Бундай ишларни ҳозироқ бажариш керак, бўлмаса кеч бўлади.

Кейинроқ бажариш учун режалаштир!

 Шошилинч эмас, лекин бажарилиши муҳим. Бундай ишларни иккинчи ўринда бажариш керак.

МУҲИМ ЭМАС

Сен учун ким қилиб бера олади!

 

Сиз тарафингиздан бажарилиши муҳим эмас лекин, бажарилиши шошилинч бўлган ишлар. Бундай ишларни бошқалар бажаришларини илтимос қилинг.

Буларни бажаришдан қоч!

 

 Сиз учун на муҳим, на шошилинч. Бир сўз билан айтганда вақтингиз бекорга кетадиган ишлар. Бундай ишлардан қочиш керак.

Юқоридаги матрица ёрдамида сиз кунлик, ҳафталик ва ойлик ишларингизни режалаштиришингиз мумкин бўлади. Бундай режалаштириш аввало сизни стрессдан қутқаради. Шошилинч ва муҳим бўлган ишларни аввал бажариш орқали сиз стрессдан ҳалос бўласиз. Стрессдан ҳалос бўлгандан кейин шошилинч бўлмаган лекин муҳим бўлган ишларни мароқ билан бажарасиз. Сиз учун муҳим бўлмаган ишларни агар шошилинч бўлса бошқасига топширинг, агар шошилинч бўлмаса уларни бажарманг.

  1. Ёмон одатларни енгишда ташқи омиллардан фойдаланинг.

Clocky ақлли будилниги

Массачутс Технологиялар Институти битирувчиси Гаури Нанда томонидан кашф қилинган, 2005 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган Clocky ақлли будилниги орқали эрталаб барвақт турмасдан иложи йўқ. Резина балонларга эга бўлган будилник 3 метрдан пастга тушса ҳам ҳеч нима бўлмайди. Сиз уни турмоқчи бўлган вақтингизга созлаб, ухлагани ётасиз. Вақт келганида эса, Clocky ўзидан асабни бузадиган даражада ёқимсиз овоз чиқаради. Бу овозни чиқариш билан чекланмасдан, у хона бўйлаб сичқон каби айлана бошлайди. Сиз будилникни овозини ўчириш учун аввало уни тутишингиз керак бўлади. Унгача эса албатта уйқунгиз қочади. Қанчалик ёқимсиз бўлмасин бу услубда уйғонмасдан иложингиз йўқ.

SnuZnluz будилниги

Эртага саҳар турмасангиз, пластигингиздан ҳар дақиқаси учун 10,000 сўм ечилса, қанчалик уйқудан баҳра оласиз?! SnuZnluz будилниги худди ана шундай ишлайди. Будилник сизнинг банк хисобингизга уланган, бу ҳам етмаганидек сиз нафратланган ташкилот ҳисоб рақамига пул ўтказиш учун шай қилинган. Дейлик сиз “Гейларни Қўллаб-Қувватлаш Халқаро Ташкилоти” дан ўлгудек нафратланасиз. Бу ташкилотни исмини ҳам эшитишга тоқатингиз йўқ. Энди тасаввур қилинг, эрталаб уйғонмасдан, ҳар бир мазза қилиб отган хуррагингиз учун сиз нафратланган ташкилотга жарақ-жарақ пулларингиз сизнинг номингиздан бориб турса, эртаси куни барвақт турмай ухлаб ёта оласизми?!

Жазо шартномаси

Айтайлик, сиз ҳар куни спорт залига бориб, шуғулланишга қарор қилдингиз. Лекин нимагадир дангасалик қиляпсиз. Бундай ҳолатда, агар ҳақиқатда дангасаликни енгиб, мунтазам шуғулланишни хоҳласангиз сизга жазо шартномаси қўл келади. Бу жуда оддий, спорт зал ходими билан шартнома қиласиз. Залга чиққанда ўзингизга йўқотилиши сезиларли бўлган пул миқдорини олиб чиқасиз, агар кейинги куни спорт билан шуғулланиш учун келмасангиз у пул зал ходиминики бўлади. Дейлик сиз 1 миллион сўмни унга ишониб топширгансиз, лекин шартномага кўра шуғулланишни бир маротаба қолдирсангиз ҳам пул уники бўлади. Албатта, бундай услуб бироз ғалати ва қаттиққўл, лекин баъзи бир тепса-тебранмаслар учун бошқача йўл тутиб бўлмайди.

  1. Спорт билан мунтазам шуғулланинг.

Британиялик тадбиркор Ричард Бренсон ҳозирда 400 га яқин компанияларга эгалик қилади. Онасидан 300 фунт стерлинг қарзга олиб ўз бизнесини бошлаган Ричард Бренсон “Студент” журналини юргизишдан бошлаб, Виржин компаниялар гуруҳигача бўлган йўлни муваффаққиятли босиб ўтган. Барча муваффаққиятга эришган бизнесменлар, шунингдек Ричард Бренсон ҳам бир орага келтирилган бир давра суҳбатида барча бизнесменларга шундай савол берилган: “Бизнесда муваффаққиятга эришиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга нарса нима?” Бизнесменлар узоқ баҳс-мунозаралардан кейин қисқагина қилиб “Спорт билан шуғулланиш!” – деб жавоб беришган. Ҳамма бундан ҳайрон қолган. Лекин аслида ҳам шундай! Спорт билан мунтазам шуғулланиш орқали кайфият кўтарилади, хотира энг камида 20% га мустаҳкамланади, қон айланиши яхшиланади, бир қатор касалликларнинг олди олинади, диққат-эътиборни жамлаш осонлашади, иммунитет тизими фаоллашади, қувват ошади, ухлаш сифати яхшиланади, ортиқча вазндан ҳалос бўлинади, ўзига бўлган ишонч мустаҳкамланади.

  1. Китоб ўқинг, китоб ўқинг, қитоб ўқинг!

Юқорида чалғишнинг зарари ҳақида гапириб ўтдик. Чалғишни олдини олиш учун энг яхши, синалган ва оддий услуб – китоб ўқишдир. Китоб ўқиш орқали диққат-эътиборни жамлаш осонлашиб боради ва натижада чалғиш камаяди. 6 дақиқа китоб ўқиш 60% га стрессдан ҳалос қилади, юрак уришини секинлаштиради, мускулларни бўшаштиради, кайфиятни жойига келтиради. 20 дақиқа китоб ўқиш кайфиятнинг кескин яхшиланишига олиб келади. Бундан ташқари, таҳлилий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради ва бу ўз навбатида аниқ қарор қабул қилишга олиб келади. Китоб ўқиш орқали ижодкорлик қобилиятлари ривожланади, мантиқий фикрлаш ўткирлашади, сўз бойлиги ортади ва нутқ равонлашади. Мунтазам китоб ўқувчи инсонлар деярли стрессни ҳис қилмайдилар, уларда депрессия кузатилмайди, ваҳима қилиш ва васвасага берилиш камдан-кам кузатилади. Энг қизиқарлиси китоб ўқувчи инсонда диққатни бир жойга жамлаш билан бирга шошмаслик, ишларни пухта қилиш қобилияти ривожланади. Китоб ўқишдан келган фойдалар бундан кўп. Биз бу ерда мана шу фойдалар орқали пайдо бўладиган ҳиссий-емоционал ҳолатда иш унумдорлиги ошиб, вақтдан самарали фойдаланишига сабаб бўлишини таъкидламоқчимиз.

 

 

 

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *